Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади
Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Маълум бўлишича, бу бўйича Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни юрак қон-томир ва эндокрин касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган.
«Жорий йилда ёшлар билан ўтказилган форумлар, сайловолди учрашувларида ёшлар сиёсати бўйича устувор йўналишлар ва жуда катта марраларни белгиладик. Ёшлар бўйича маҳаллагача тушадиган вертикал тизим яратамиз», — деган Президент.
Қайд этилишича, йиғилишда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсати энг муҳим масалалардан бири эканини инобатга олиб, ушбу ёшлар Президент вакили бўлишини таъкидлаган.
Айтилишича, бу ёрдамчилар «ёшлар дафтари» ва ёшлар дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини таъминлаш, маҳалладаги ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ёшларнинг бўш вақтини, айниқса Бешта муҳим ташаббус доирасида мазмунли ташкил этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш масалалари билан шуғулланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудлар бўйича рейтинги тузилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Ёшлар жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби белгилангани маълум қилинган.
