Шавкат Мирзиёев эндокринология масаласидаги камчиликлар ҳақида гапирди
Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь, чоршанба куни юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар қилди.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида туман ва шаҳарларда ихтисослашган, юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда шифокорлар малакаси билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳали ўз ечимини топмаганини таъкидлади. Шунингдек, Президент кардиология соҳасидаги муаммоли масалаларга тўхталиб ўтди.
«30–70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга ошиб, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. 40 ёшдан юқори аҳолининг 20–25 фоизида гипертония аломати мавжуд. Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касаллиги аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.
Бугунги йиғилишда кардиология билан бирга эндокринология масаласи ҳам муҳокама қилиниши лозим эди. Лекин Эндокринология марказининг янги биноси, раҳбари каби масалалар ҳанузгача ечимини топмагани учун йиғилиш кун тартибидан чиқариб юборилди. Вазирлар Маҳкамасидаги соҳага масъул ходим лавозимидан бўшатилди», — деди давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асорати қолган ҳудудларга нисбатан баланд. Бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада 17 фоиз (600 минг), Бухорода 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда 13 фоиз (470 минг)ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш бўйича видеоселектор ўтказганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.