«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳарбий парад ўтказди — видео
«Толибон» ҳаракати расмийлари Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри — Қандаҳорда ҳарбий парад ўтказди. Бу ҳақда «Roya News» хабар берди.

Маълум қилинишича, парад янги армия тузиш мақсадида амалга оширилган. Унда собиқ афғон ва халқаро кучларнинг машина ҳамда вертолётларидан фойдаланилган.
Таъкидланишича, ҳарбий машиналар диний мусиқа фонида Қандаҳордаги аэропортни шаҳар маркази билан боғлайдиган асосий йўл бўйлаб ҳаракатланган. Ҳозирда толиблар ҳарбий қисмларни қайта ташкил этаётгани ва номларини ўзгартираётгани хабар қилинган. Жумладан, Қандаҳордаги илгари «Аттал» номи билан аталган армия корпуси номи арабча «Ал-Бадар» номига ўзгартирилган.
Аввалроқ Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракатининг зирҳли машинасини ёқиб юборгани ва «Толибон» ҳаракати етакчиси илк маротаба вилоятларга ҳокимлар тайинлагани маълум қилинган.