БМТнинг иқлим бўйича саммитида Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади
Британиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтаёган БМТ доиравий конвенциясига аъзо мамлакатларнинг XXVI сессияси доирасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон номидан миллий баёнотни ўқиб эшиттирди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги «Bugun.uz»га хабар берди.

Келтирилишича, бош вазир ўринбосари нутқида иқлим ўзгариши турмуш сифатига бевосита таъсир қилувчи энг асосий омиллардан бири эканини таъкидлаган.
«Бугунга келиб иқлим ўзгариши асоратлари глобал характер ва мислсиз қамровга эга бўлди. Бу Марказий Осиё минтақасида ҳам тўлиқ намоён бўлмоқда. Масалан, Орол денгизи фожиаси натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар тезроқ рўй бериши кузатилмоқда. Салбий ҳодисалар қаторида ер деградацияси ва сув ресурсларининг қисқариши каби муаммоларни янада чуқурлаштирувчи чанг бўронлари частотаси ошиши ҳамда географиясининг кенгайишини қайд этиш мумкин.
Шуларнинг барини англаган ҳолда Ўзбекистонда ‘яшил’ кун тартибидаги масалаларни илгари суриш, экология ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жуда жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясида таъкидлаганидек, бу бизнинг ҳозирги ва келгуси авлод олдидаги инсоний бурчимиздир», — дейди Абдуҳакимов.
Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётга ўтишнинг комплекс стратегиясини, қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини фаол амалга оширмоқда. Жумладан, 2021 йилда республикада 200 миллион кўчат экилгани қайд этилган. 2030 йилга бориб иқтисодиётнинг энергосамарадорлиги икки карра ошиши, қайта тикланувчи энергиянинг улуши камида 25 фоизни ташкил қилиши айтилган.
Шунингдек, баёнотда Париж келишуви доирасида Ўзбекистоннинг буғ газлари чиқиндиларини 2030 йилгача иссиқлик газларининг атроф-муҳитга ажралишини ЯИМга нисбатан 35 фоизга — 2010 йил кўрсаткичига қисқартиришга оид қўшимча мажбуриятни олиши айтилган. Бунга эришиш учун Ўзбекистонда кам углеродли ривожланиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилаётгани қайд этилган. Минтақавий даражада Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкорлари билан қурғоқчилик ва сув танқислиги муаммоларига қарши курашиш, Орол денгизи фожиаси асоратларини юмшатиш ва атрофдаги майдонларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилаётгани қўшимча қилинган.
Шу билан бирга, чақириқларга қарши курашувчи саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун 2022 йил Оролбўйида — Нукус шаҳрида БМТ шафелигида «яшил» энергетика бўйича юқори даражали халқаро форумни ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йилнинг май ойида тасдиқланган Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини амалга оширишда муҳим қадам бўлиши таъкидланган.
Ўзбекистон томон конференция иштирокчиларини БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп ҳаракатли траст фонди доирасида лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда фаол қатнашишга чақирган.
Аввалроқ БМТ йиғилишида Ўзбекистоннинг ташкилотдаги доимий вакили нутқ сўзлаганди.