Бугун оқшоми. Ҳокимнинг фармойиши сабаб совуқда ўтирган андижонликлар, нархи тушган сабзи, «Толибон»нинг ИШИДга мурожаати
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Келинг (агар буни ўқиётган бўлсангиз, келиб бўлдингиз, аслида), бугунги дайжестни қизиқ статистика билан бошлаймиз: минглаб фуқаро даволаниш учун Ҳиндистонга кетаётган бир пайтда 18 минг турист Ўзбекистонга даволаниш учун келибди.

Фото: «Bugun.uz»
Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида жами 1 миллион 135 минг 621 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистонга келган. Шундан деярли 18 мингтаси (17 минг 981 нафар) даволаниш мақсадида ташриф буюрган.
Статистиканинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, январь-сентябрь ойларида ташриф буюрганларнинг асосий қисми қариндошларни йўқлаш учун келган. Улар 954 минг 438 нафарни ташкил қилади. Эътибор беринг, туристларнинг ҳаммаси чет эл фуқароси. Қайси бир миллат ёки давлат фуқароларининг Ўзбекистонда шунчалик кўп қариндоши бор — қизиқ.
Пойтахт ва унинг атрофи — «Қозоғистон чанги» қурбони. Ўзбекистоннинг энг кўп чанг тўпланган шаҳарлари рўйхати эълон қилинди.
Яқиндагина Ўзбекистон осмонида тўпланган чангни яхши эсласангиз керак («мусаффо» сўзининг қийматини яхшироқ тушунган бўлсангиз ҳам, ажаб эмас). Ушбу Қозоғистондан келиб, яна ўша ерга қайтиб кетган (шу сабабли ҳам қайта эслатгимиз келмади — бировнинг чангини кўп эслаб нима қилдик), зарарсиз (балки шу сабабли «фақатгина» 709 киши нафас олиш билан боғлиқ муаммо билан тез ёрдам чақиргандир, агар зарарли бўлганда, балки кўпроқ чақирув бўлармиди) чанг энг кўп тўпланган шаҳарлар рўйхати эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»
Унга кўра, асосан пойтахтда даҳшатли даҳшат кузатилган — белгиланган миқдордан нақд 33 бараварга (бу Тошкентга «экологияси энг ифлос шаҳар» «тамғаси»ни олиб берди) кўп бўлган, тўғрироғи, ошиб-тошиб кетган. Тошкентга қўшни Чирчиқда эса 26 бараварга кўпайган, Гулистон ва Олмалиқда 20 бараварга, Бекободда 18 бараварга, водий вилоятларида эса, тахминан икки бараварга «лимитдан ўтиш» кузатилган.
Шунақа гаплар. Ҳозир «Қозоғистон чанглари» осмонимизни тарк этиб, уни мусаффолаштирди. Аммо «тоза тошкентлик» чанг инсон саломатлиги учун зарарсизми ёки йўқ, бу маълум эмас, лекин Қозоғистонники аниқ безарар эди, эсиз, кетиб қолди.
Вакцина ҳақида эшитмаганингизга (ўқимаганингизга) ҳам анча бўлди-а? Яна ўша «тема»га қайтамиз. Йўқ-йўқ, кимдир бизни вакцина орқали бошқармоқчи эмас, биз шунчаки Ўзбекистондаги эмлаш статистикасига юзланмоқчимиз.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати
Хай, гапни чўзиб ўтирмаймиз: водий вилоятларининг иккисида 3 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилибди, яна бири — Андижонда эса шунга яқинлашибди — 2 924 252 доза. Бутун республикада қўлланилган вакциналар эса 28 миллион 494 минг 503 дозага етган. Бор гап шу.
Bitcoin ортидан қувган сабзининг нархи минимал даражада пасайди. Унинг нархи фермер хўжаликларида 700–800 сўмгача арзонлашган.

Фото: «Bugun.uz»
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг айтишича, Ўзбекистонда ноябрь ойидаги сабзи нархи 2021 йил июнь ойига нисбатан 4–5 бараварга пасайди. Ва бу нарх камида кейинги йилнинг баҳоригача сақланиб қолади.
Таъкидланишича, 1 килограмм сабзининг таннархи фермер хўжаликларида 700–800 сўмгача (6,5–7,5 цент) арзонлашган. Қайд этилишича, 20 июнь ҳолатида 1 килограмм сабзининг ўртача чакана нархи 6–10 минг сўмни ташкил этган бўлса, октябрь-ноябрь ойларида 2 минг сўмгача арзонлаган. Даланинг ўзидаги ўртача харид нархи эса 1 килограмм сабзи учун 1000–1500 сўм атрофида.
Шу жойида олдин чизилган карикатурани эслашни лозим топдик.

Ушбу дайжестни тайёрлаш давомида баъзи онлайн дўконлардаги нархлар билан қизиқдик («oтанг бозор, онанг бозор», деган гапга амал қилолмадик — дайжестни ўз вақтида ўқиёлмасдингиз). У ерда бир килограмм сабзи 4000–5000 сўм атрофида таклиф этилмоқда. Кўриниб турибдики, сабзининг нархи июнь ойидагидан икки баробарга арзонлашган.
Ҳокимнинг тегишли фармойиши бўлмагани учун андижонликлар совуқ «дом»да ўтирибди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров Андижондаги «дом»лар ҳалигача иссиқлик тизимига уланмаганини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»
Унинг айтишича, ҳозирда Андижон вилоятида ижтимоий соҳа объектлари (касалхона, мактаб ва бошқалар)да иситиш тизими йўлга қўйилган, бироқ кўп қаватли уйларда иситиш тизими ҳали ёқилмаган. Чунки вилоят ҳокимиятининг тегишли фармойиши ҳали имзоланмаган.
Вазирлик вакили вилоятда иссиқлик таъминоти бошланишининг тахминий санаси 15 ноябрь эканини айтиб ўтган (Андижонда иззиллама совуқлар ноябрнинг ярмини ёки ҳокимнинг фармойишини кутиб турса керак-да). Ўзи, умуман, ҳокимнинг фармойишини кутишдан фойда йўқ. Жамолиддин Қаландаров сўзларига кўра, вилоят марказий иссиқлик тизимига фақатгина 20 та кўп қаватли уй уланган бўлиб, қолган уйлар марказий иситиш тизимидан воз кечган. Бу дегани, жаноб ҳоким «дом»ларни истишга буйруқ берса-да, улар исимайди. Исийди, фақат ўтин ёки электр токи билан («свет» ўчмаса кифоя).
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов (ёқилмаган) марказий иситиш тизимига уланмаган (уланган бўлсада ёнмаган) уйларни иситиш бўйича лайфхак билан бўлишди. Карикатурада кўрсатилган «трюк»ни уй шароитида такрорлашни тавсия қилмаймиз (лекин ҳоким фармойишини кутган ва умуман иситиш тизимида мосуво халқ бунинг хавфсиз йўлларини жуда яхши билади).

Дайжестнинг «Хўш, оламда нима гап?» қисми пунктларда:
- Америкалик тадбиркор Илон Маск «Tesla» акциялари нархи тушиши оқибатида 2 сутка ичида 50 миллиард доллардан ортиқ зарар кўрди;
- Япония ҳукумати бош вазирни қайта сайлаш ва янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш учун тўлиқ таркибда истеъфога чиқди;
- Деярли 3 ойдан буён Тожикистонда бўлган Афғонистон фуқаролари ва ҳарбий хизматчилар АҚШга учиб кетди;
- «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ИШИД террорчилик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилди. Унда ҳаракат вакили Афғонистондаги уруш ҳозирча маъносиз эканини айтган ва буни Афғонистонда ишғол тугагани, ислом бошқаруви ўрнатилгани билан изоҳлаган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Миржалол Қосимов тайёрлади
Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи-назаридан фарқ қилиши мумкин