Фарғона вилояти Фурқат туманида 1000 доллар эвазига севган қизи билан ўртасидаги муносабатини бузган аёлни ўлдириш учун қотил ёллаган йигит қамалди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Данғара туманида яшовчи 24 ёшдаги Ж.Ж. 2020 йил февраль ойида Қўқон шаҳрида яшовчи Ш. исмли қиз билан танишиб, анча вақт гаплашиб юрган. Бу вақт оралиғида қиз Туркияга ишлагани кетган. Кейинроқ Ж.Ж. ҳам қизнинг ортидан бориб, у билан бирга ишлай бошлаган. Шу орада Туркияга Ж.Ж.нинг таниши бўлган М. исмли аёл ҳам ишлагани борган ва вақт ўтиб турли гап-сўзлар билан йигит ва қиз орасига совуқчилик туширган.

Оқибатда Ш. Ж.Ж. билан муносабатини узган. 2020 йил декабрь ойида Ж.Ж. билан М. Ўзбекистонга қайтган. Аммо можаро бу билан якунланмаган. Яна турли гаплар бўлган, бу эса йигитнинг жаҳлини чиқарган. Оқибатда у қиз билан муносабатини бузган аёлдан қасд олишни мақсад қилган.

Қайд этилишича, Ж.Ж. М.ни ўлдириш мақсадида ёлланма қотил топиш учун таниши М. билан маслаҳатлашган. Бу орада режа тегишли идораларга маълум қилинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Б. тахаллусли шахс ёлланма қотил сифатида тадбирга жалб этилган.

Аниқланишича, Ж. ёлланма қотилга аёлни ўлдириш учун 1000 доллар беришни ваъда қилган. 100 доллар ва 50 минг сўм миқдорида пулларни бериб, ёлланма қотилга аёлнинг манзили, телефон рақами ҳамда шахсига оид бошқа маълумотларни берган. Уни ўлдирганидан сўнг ваъда қилинган пул маблағини тўлиқ беришни ва Telegram ижтимоий тармоғи орқали ўзаро гаплашиб туришни айтган.

Таъкидланишича, 2021 йил 30 январь куни тезкор тадбир ходимлари ёлланма қотил — М. билан кўришиб, аёлнинг ўлдирилган ҳолатини саҳналаштирган ва ҳолатни телефон аппаратида фотосуратга олган. Сўнг Telegram орқали буюртма бажарилганини маълум қилиб, қолган пулни олиб келишни сўраган. Ж.Ж. ёлланма қотилга 1000 доллар берган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида ёлланма қотил сифатида тадбирга жалб қилинган Б. тахаллусли шахсдан Ж.Ж. берган 100 доллар ва 50 минг сўм пул маблағи ҳамда 1000 доллар тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилиб, ашёвий далил тариқасида олинган. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан тегишли жазо тайинланган.

Аввалроқ Тошкентда аёл синглисини ўлдириш учун қотил ёллаганди. Шунингдек, Сурхондарёда опа-ука ўз келини ва унинг онасини ўлдириш учун қотил ёллагани ҳақида хабар берилган.