Фарғонада собиқ инспектор ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллади
Фарғона вилояти Қува тумани собиқ инспектори Нозим Нишонов ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат йўллади. Вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов бунга муносабат билдирди.

Мурожаатга кўра, собиқ инспектор Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджоновнинг ҳодимларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракати бўйича шикоят қилган. Жумладан, у майор шахсий манфаати учун профилактика инспекторларига кунлик 55 минг сўмлик «ўрта фонд» жорий қилгани, 100 бош қорамол учун қураётган молхонасига керакли қурилиш материалларини ходимлари зиммасига юклаганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, у профилактика инспекторларига биттадан машинани жарима майдонига киритишни, бештадан машина учун жарима далолатномаси тузишни мажбурий қилиб берган. Буни амалга оширмаган ходимлар эса гап эшитган.
Нишонов раҳбарлар пул орқали ўзаро келишиб, ходимларга нисбатан тадбир ўтказганини айтган. Бу ноқонуний бўлиб, унда бошқа бир давлат органи қатнашмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Аҳмаджоновга нисбатан Қува туман ИИБ бошлиғи бирор чора кўрмагани айтилган. Собиқ инспектор ноқонуний равишда ички текширув ва тадбирлар ўтказиб келинганини, Аҳмаджоновнинг туман ҳокими ўринбосарини калтаклаб ҳам ҳеч қандай жазо олмаганини қўшимча қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман, вилоят ИИБ раҳбариятига аноним тарзда мурожат қилинган, лекин бу жавобсиз қолган. Нишонов мурожаатида Аҳмаджоновнинг ноқонуний ҳаракатларига ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов чора кўришини сўраган ва бунга исбот тарзида аудиоёзувга эгалигини айтган.
Ўз навбатида, ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов бунга муносабат билдириб, ҳолат ўрнатилган тартибда текширилиб, унга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган.
Аввалроқ Бош прокуратура ходимининг иш жойида вафот этгани бўйича изоҳ берилганди.