Ўзбекистонда сабзи нархи минимал даражага пасайди
Ўзбекистонда ноябрь ойидаги сабзи нархи 2021 йил июнь ойига нисбатан 4–5 бараварга пасайди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2022 йил баҳорда териб олинадиган ҳосилгача сабзи нархи шу даражада сақланиб қолади. Таъкидланишича, сабзининг ўртача ҳосилдорлигини бир гектардан 20–25 тоннадан 30–40 тоннагача ошириш имконияти яратилган.
Шу билан бирга, 1 килограмм сабзининг таннархи фермер хўжаликларида 700–800 сўмгача (6,5-7,5 цент) арзонлашгани айтилган. Қайд этилишича, 20 июнь ҳолатида 1 килограмм сабзининг ўртача чакана нархи 6–10 минг сўмни ташкил этган бўлса, октябрь-ноябрь ойларида 2 минг сўмгача арзонлаган. Даланинг ўзидаги ўртача харид нархи эса 1 килограмм сабзи учун 1000–1500 сўм атрофида.
Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилнинг 7 ойида Ўзбекистон 10 та давлатга 47,4 минг тонна сабзи экспорт қилгани хабар қилинган. Шунингдек, мамлакатда сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берилган.