Янгиликлар - 9:41 · 11.11.2021

Ҳиндистондаги муқаддас дарёни заҳарли оқ кўпик қоплади — видео

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида жойлашган ва аҳоли учун муқаддас ҳисобланган Жамна дарёси заҳарли оқ кўпик билан қопланди. Бу ҳақда «France 24» хабар берди.

Фото: «New York Post»

Маълум қилинишича, шаҳар маъмурияти мамлакатдаги муқаддас дарёнинг ифлосланишига саноат чиқиндилари сабаб бўлганини билдирган. Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида бир қанча ҳудудда сув таъминоти тўхтатилган, аммо қанча хонадоннинг сувсиз қолгани очиқланмаган. Расмийлар мамлакатдаги энг хавфли сув ҳавзасига айланган дарёни тозалашга ваъда берган.

Таъкидланишича, 2020 йилда мутахассислар Жамнадаги сув ифлосланишининг таҳдидли даражасини қайд этган. Заҳарли кўпик борлигига қарамай, маҳаллий аҳоли диний маросимларни ўтказишда давом этган. Баъзи аҳоли вакиллари тўрт кунлик Қуёш фестивалини нишонлаш учун дарёда чўмилган.

Келтирилишича, ноябрь ойи бошида ҳудуддаги экологик вазият ёмонлашган. Пойтахт қуюқ тутун билан қопланган. Бунга эса ҳиндларнинг эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонишини англатувчи асосий байрами — Дивали шарафига уюштирилган мушакбозлик сабаб бўлган. Ҳаво таркибидаги зарарли заррачалар даражаси баъзи ҳудудларда 1 куб/метр учун 400 микро грамдан ошган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган меъёрий даражадан 16 баравар кўп.

Маълумот учун, Туркиядаги Мармар денгизини ҳам шилимшиқ суюқлик қоплагани ҳақида хабар берилганди. Эрдўғон 300 кишидан иборат гуруҳ Мармар денгизининг 90 дан ортиқ нуқтасида текширув иши олиб бораётганини маълум қилганди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, шилимшиқ суюқликнинг тарқалишига иқлим ўзгариши ва сувнинг ифлосланиши сабаб бўлган. Шунингдек, Туркиядаги Мармар денгизи экологик фалокат ёқасида экани таъкидланган.

Аввалроқ Греция қирғоқларини ҳам шилимшиқ суюқлик қоплаганди. Шу билун бирга, Аргентинадаги дарё пушти рангга кирган.

Bugun — LIVE