Ўзбекистонда 9 ойда эҳтиёжманд аҳоли учун қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди
Ўзбекистонда 9 ой мобайнида эҳтиёжманд аҳоли қатламига қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди. Бу ҳақда АОКАда 11 ноябрь, пайшанба куни «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Саломов иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди, — дея хабар қилди «Bugun.uz» мухбири.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида эҳтиёжманд аҳоли қатламига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилган. Жумладан, 110 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 49 фуқарога эса эшитиш ва ортопедик мосламалар олиб берилган.
Шунингдек, 3 минг нафардан зиёд фуқарога кийим-кечак, 3 мингга яқин кишига эса озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган. 75 нафар фуқаронинг уй-жойи таъмирланган ҳамда 23 нафарига тикув машинаси, 139 нафар кам таъминланган оилага қорамол олиб берилган.
Бундан ташқари, республика бўйича 2,5 мингта маҳалла идорасининг коммунал тўловлардан қарздорлиги бартараф этилган. Бунинг учун фонд маблағлари ҳисобидан 1,5 миллард сўм йўналтирилган. «Маҳалла идораларининг салкам 10 минг нафар ходимига қарийб 18 миллиард сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули ажратилди», — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 100 нафар муҳтож аёл-қизнинг контракт пули тўлаб берилиши ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда янги ўқув йилидан ота-онаси йўқ қизлар ва боқувчиси йўқ аёлларнинг контракт пуллари тўлаб берилиши маълум қилинган.