Путиндан кейин ким президент бўлиши мумкинлиги айтилди
Кремлнинг собиқ спикери ва сиёсий стратеги Аббос Галлямов «Свободная пресса» нашрига махсус интервью бергани хабар қилинганди. Ушбу суҳбат давомида сиёсатшунос Путиннинг ўрнига ким президент бўлиши мумкинлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Путин СССРни вайрон қилган ва Россиянинг асосчиси Ельциндан фарқли ўлароқ, инқилобчи ёки сиёсат дунёсига эндигина кириб келган инсон эмас. Катта эҳтимол билан ҳозирги иккинчи даражали шахсларнинг ҳеч бири (Медведев, Мишустин, Шойгу, Матвиенко, Володин) унинг вориси бўлолмайди. Путин ўз ўрнига келажак авлоддан кимнидир танлайди.
«Путиннинг муносиб вориси хавфсизлик кучлари одами бўлиши мумкин. Чунки у президентдан ҳамма нарсада қарздор ва бу жараён давомида исботланган. Бундан ташқари, президент уни шахсан танийди», — дейди сиёсатшунос.
Маълумот ўрнида, Россия президенти Владимир Путин 30 июнь куни бўлиб ўтган «Владимир Путин билан тўғридан-тўғри мулоқот» доирасида ўзининг қандай қилиб президент бўлгани ҳамда вориси борасидаги саволга жавоб берганди.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг собиқ раҳбари Борис Ельцин ҳокимиятни унга топширмаган. «Бизнинг асосий қонунимизга биноан вақтинчалик бажарувчи шахсгина муваққат ҳукумат раиси бўлади. Мен эса ўша пайтда шундай инсон эдим. Аммо ушбу қарор қабул қилинишидан олдин бошқа воқеалар ҳам содир бўлган.
Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари эдим. Бир куни Ельцин менга Хавфсизлик кенгаши директори бўлишни таклиф қилди ва мен ФХХдаги ўрнимга давомчи танлашим керак бўлди. Ажабланарлиси, ўша пайтда ушбу лавозимни кимга таклиф қилган бўлсам, рад жавобини олдим. Мамлакатда вазият қийин бўлгани учун масъулиятни ўз зиммамга олишни хоҳламадим. Ельцин ва менга президентликка номзодимизни қўйиш таклиф этилганида эса тайёр эмаслигимни маълум қилдим. Аммо охир-оқибат давлатни ким бошқариши тўғрисидаги қарор Россия фуқароларига боғлиқ бўлди ва президент этиб сайландим», — дея таъкидлаган Путин.
Давлат раҳбари, шунингдек, давомчиси борасидаги саволга ҳам жавоб бериб, бу у учун масъулиятли вазиятлардан бири эканини қайд этган.
«Мамлакатни бошқариши мумкин бўлган шахсга келадиган бўлсам, ҳамиша кимдир кимнингдир ўрнини эгаллайди. Ҳеч ким бир лавозимда абадий қолмайди. Бу жараёндаги вазифам эса ўша инсонга тавсия беришдан иборат бўлади. Вақт ўтади ва умид қиламанки, шу одам Россияни бошқара олади дея айта оладиган инсон келади», — дея хулоса қилган Путин.
Аввалроқ Путин Россияни нима хавотирга солаётганини маълум қилган. Шунингдек, президентликдан кетгач, Россия тақдири қандай бўлишини айтганди.