Шавкат Мирзиёев Истанбулга етиб борди
Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Президентни Истанбул шаҳри ҳокими Али Ерликая ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. Шавкат Мирзиёев бу ерда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади. Бу ташкилот 2009 йилда тузилган. Ўзбекистон унга 2019 йилда қўшилган. Кенгашнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Ўхшаш тил ва бир дин, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган бу ташкилот минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётгани таъкидланган. Ўзбекистоннинг қўшилгани ташкилотнинг қамровини ҳам, салоҳиятини ҳам оширгани айтилган. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари кўп томонлама ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитгани, қисқа даврда давлат раҳбари томонидан 20 дан ортиқ таклиф илгари сурилгани ва амалга оширилгани маълум қилинган.

Хусусан, 2019 йил октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилган. 2020 йилда Хива шаҳрига «Туркий дунёнинг маданий пойтахти» мақоми берилди. Шунингдек, ёш тадбиркорлар форуми таъсиси этилиб, 2021 йил сентябрда Тошкентда унинг биринчи йиғилиши ўтказилган. Шунингдек, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ёшлар ва спорт масалаларига масъул вазирлари мажлиси ҳам бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Президенти доим алоҳида эътибор қаратиб келаётган транспорт ва божхона соҳасида тартиб-таомиллар рақамлаштирилаётгани айтилган. Масалан, мамлакатда Туркия ва Қозоғистон билан бошланғич лойиҳалар ишга туширилган. Тошкент, Андижон ва Термиздаги логистика марказларимиз Туркий Кенгаш доирасидаги «биродар портлар» тизимига қўшилган.
Бундан ташқари, Кенгашга аъзо мамлакатлар доирасида коронавирусга касалликка қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилган. Эпидемиологик вазиятни кузатиш, таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш бўйича доимий фаолият юритадиган тизим йўлга қўйилган.
Шунингдек, 2021 йил июнда Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирлари йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Қўқон туркий дунёнинг илк туризм пойтахти, деб эълон қилинган. Мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш бошланган. Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо ал-Хоразмий меросига бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот тасъис этилган. Бу мукофот билан туркий давлатларда илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.
Президент бу галги саммитда ҳам муҳим ташаббусларни билдириши кутилмоқда. Саммитнинг асосий тадбирлари 12 ноябрга мўлжалланган. Давлат раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюриши айтилганди. Шунингдек, Президент Туркияга жўнаб кетгани хабар қилинган.