Сирдарёда сохта ҳужжатлар орқали ярим млрд сўм кредит олган фуқаролар ушланди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида сохта ҳужжатлар орқали 500 миллион сўм кредит олган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур фуқаролар ҳудудий тижорат банки филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган. Хусусан, Д.Х., Д.М. ва бошқалар «T.» МЧЖ раҳбари Б.ни алдаб, корхона номига кредит олиш учун «MAN» русумли юк машинасини фуқаро Х.нинг номига сохта ҳужжатлар орқали гаровга қўйган. Оқибатда банк муассасаси уларга 500 миллион сўм кредит ажратган, айбланувчилар эса кредит маблағларини шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида тадбиркордан судланганлик ҳолатини олиб ташлаш учун пул олган эркак ушлангани ва Самарқандда «замдиректор» пора билан қўлга тушгани маълум қилинган.