Халқаро физика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 8 та медални қўлга киритди
Фарғона вилоятида 8 ноябрь куни старт олган Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 8 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, олимпиадада дунёнинг 18 та давлатидан 130 нафар ўқувчи иштирок этган. Танлов натижаларига кўра, дунёнинг турли давлатларидан қатнашган 56 нафар ўқувчи ғолиб деб топилган. Ўзбекистонлик ўқувчилар олимпиадада 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза билан тақдирланган.

Улардан Руслан Алиқулов олтин медални, Абдукомил Итолмасов ва Мадина Хасанова кумуш медални, Жасур Тенгеров, Миршод Ражабов, Шодибек Қурбонбоев, Севинч Каримова, Мирзабек Мирзаевлар эса бронза медални қўлга киритган. Халқ таълими вазирлиги Олимпиада иштирокчиларини мазкур ғалаба билан табриклаб, уларга келгуси ўқишларида муваффақият тилаган.

Аввалроқ Халқаро математика мусобақасида совриндор бўлган ўзбекистонлик талабалар тақдирланганди. Шунингдек, Алишер Қодиров математика олимпиадаси ғолибларига «Нобель» олишни тилагани хабар қилинган.