Япониянинг СССРга оид махфий ҳужжати эълон қилинди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Япониянинг Иккинчи жаҳон уруши даврида СССРга қарши ҳужумга тайёргарлиги ҳақида маълумот берувчи махфий ҳужжатларни эълон қилди. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Келтирилишича, маълумотлар департамент томонидан халқаро ҳамжамиятнинг Токиодаги суд жараёни якунланганининг 73 йиллигига бағишлаб чоп этилган. Мазкур суд 1946 йил 3 майдан 1948 йил 12 ноябргача бўлиб ўтган. Унда халқаро ҳамжамият милитаристик Япониянинг ҳарбий жиноятчиларига ҳукм эълон қилган.
Таъкидланишича, махфий ҳужжат Япониянинг Совет Иттифоқига қарши уруш бошлаш режалари ҳақида гапириб берган олти нафар юқори мартабали ҳарбий жиноятчиларни сўроқ қилиш протоколларига асосланган. Ҳужжатлар «Махсус папка»нинг бир қисми бўлиб, бу махфийликнинг энг юқори даражасини билдириши айтилган.
Совет контрразведкаси Япония ҳарбий вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Киедзи Томинага, Квантунг армиясининг собиқ бошлиғи, генерал-лейтенант Мицухара Миякэ, Ҳарбиндаги марказий япон ҳарбий миссиясининг собиқ бошлиғи, генерал-майор Шун Акикусу, Квантунг армияси штаб-квартираси разведка бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Сабуро Асаду, Квантун мустаҳкамланган ҳудуди мудофааси собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Кензо Янагиту ва Манчукуо-Гуо умумий полиция бошқармасининг собиқ раҳбари Тосио Хосикони ҳам қўлга олишга муваффақ бўлган.
Ҳужжатда, гувоҳлар Япония ҳукумати Германия ҳукумати билан келишиб, «Кантокуэн» кодли номини олган СССРга ҳужум қилишнинг ўз режасини ишлаб чиққанини айтган. Японияликлар эса йирик масштабда террорни амалга оширишни ҳамда бактериологик қуроллардан фойдаланишни режалаштиргани айтилган.
Аввалроқ Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши бўйича махфий маълумотлар очиқланганди. Шунингдек, Япония Россия самолётини ҳаво ҳудудини бузганликда айблаганди.