Афғонистонда «Толибон» аъзоларидан ташқари яна кимларга қурол олиб юришга рухсат берилгани очиқланди
«Толибон» ҳаракати тадбиркор ва оддий савдогарларга қурол олиб юришга рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Хостига таяниб, «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Қайд этилишича, ишбилармонлар бир қатор техник масала ҳал қилингандан сўнг рухсат олади. Бундай қарорнинг қабул қилинишига эса афғон тадбиркорлари дуч келаётган хавфсизлик муаммоси сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, 2021 йил август ойида ҳаракат тинч аҳолидан қурол ва ўқ-дориларни топширишни талаб қилган. Октябрь ойи бошида эса лицензиясиз қурол ва ўқ-дориларни сотиб олиш ҳамда сотиш тақиқланган.
Таъкидланишича, Афғонистоннинг айрим ҳудудларида сўнгги пайтларда ҳужум ва тадбиркорларни ўғирлаш ҳолати тез-тез содир бўлиб, шу каби ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлган.
Аввалроқ Тожикистон Афғонистондан террорчилар босими кучайганини эълон қилганди. Шунингдек, ИШИД «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонларидан бирини ўлдиргани ҳақида хабар берилган ҳамда «Толибон»дан ташқари яна бир террорчилик ҳаракатининг фаолияти кучаяётгани маълум бўлган.