Афғонистонда яна бир масжид жума намози пайтида портлатилди — видео
Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти Спингар туманидаги масжидда 12 ноябрь куни жума намози вақтида портлаш юз берди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг мамлакатдаги мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, портлаш «Трили» масжидида содир бўлган. Ҳозирча портлаш сабаби ва қурбонлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бироқ баъзи ахборот манбалари ўнлаб одам ҳалок бўлганини айтган. Сўнгги маълумотларда 16 киши яралангани қайд этилган.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир шахс ёки гуруҳ ўз зиммасига олмаган.


Эслатиб ўтамиз, Қандаҳор шаҳридаги шиалар масжидида 15 октябрь куни теракт содир этилганди. бир ҳафта олдин Қундузда бўлгани каби худкуш террорчи шиа масжидида жума намози ўқилаётган пайтда ўзини портлатиб юборган. Ҳодиса оқибатида 63 киши ҳалок бўлгани айтилганди.
Аввалроқ Афғонистонда «Толибон» ҳаракатига қарши ҳужум уюштирилгани ва Афғонистондаги масжидда жума намози пайтида содир этилган теракт видеоси эълон қилинган.