Андижонда психотроп дориларни ноқонуний сотмоқчи бўлган аёллар ушланди
Андижон вилоятида кучли таъсир этувчи дори воситаларини ноқонуний сотмоқчи бўлган аёллар қўла олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборт хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аёллар вилоят ИИБ ЖҚБ гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ва хизмат ходимлари томонидан аниқланган.
Текширувда Андижон шаҳрида яшовчи Ю.Ў.да 17 дона «Regapen», 18 дона «Лирика», 2 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир этувчи ва 74 дона «Азалептол», 30 дона «Аминазин», 4 дона «Аликапс» ва 25 дона «Мифепристон» номли турли-хил дори воситалари борлиги аниқланган.
Шунингдек, Андижон шаҳрида яшовчи Р.Н. ҳам 10 дона «Лирика», 12 дона «Regapen», 3 дона елим идишда «Тропикамид» номли кучли таъсир этувчи дори воситалари олиб юргани маълум бўлган. Суриштирув давомида мазкур фуқаролар кучли таъсир этувчи дори воситаларини ноқонуний йўллар билан сотишни режалаштиргани аниқланган. Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека» аниқланганди. Шунингдек, Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни сотиб келганлар ушланганди.