«Эл-юрт умиди» жамғармаси 2021 йилда чет элдаги стипендиантларга қанча маблағ сарфлaгани айтилди
АОКАда 12 ноябрь куни бўлиб ўтган «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти, вазифалар ижроси ҳамда келгуси режалари ҳақидаги матбуот анжуманида жамғарма томонидан 2021 йилда стипендиантларга сарфланган маблағ ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, битта стипендиантга бир йилда ўртача 30–40 минг доллар (тахминан 323–430 миллион сўм) маблағ сарфланади. Шунингдек, анжуманда 2021 йилда бюджетдан жамғарма учун ажратилган маблағ миқдори келтириб ўтилди.
«Бу йил бизнинг жамғармамизга 142,5 миллиард сўм ажратилган. Бу аввалги йилларга нисбатан 3 марта кўп. Бу йил бакалавриат дастури бўйича 48 миллиард, магистратура 55 миллиарддан ортиқ ва докторантура дастури бўйича 12 миллиарддан ортиқроқ маблағ сарфланган. Биз уларнинг овқатланиши, транспорт ҳаражатлари — ҳаммасига алоҳида маблағ ажратиб, уни йил давомида ҳисоблаб борамиз», — деди жамғарма ижрочи директори Адҳам Бекмуродов.
Шу билан бирга, 2022–2026 йиллар давомида жамғарма таълим дастури бўйича хорижга таълим олиш учун юбориладиган ёшлар ва мутахассислар сони йилдан-йилга оширилиб, 2021 йилдаги 350 нафар ўриндан 2026 йилга келиб 700 нафарга етказиш белгилангани таъкидланди.
Аввалроқ Президент фармони билан «Эл-юрт умиди» жамғармаси хорижда ўқийдиганлар учун ўринлар сони 5 баравар оширилиши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Президент гранти учун даъвогар абитуриентлар рўйхати эълон қилинганди.