Истанбулда Туркий кенгаш котибияти биносида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди — видео
Истанбул шаҳрида 12 ноябрь куни Туркий кенгаш котибиятининг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, маросимда Шавкат Мирзиёев ва қардош мамлакатлар раҳбарлари иштирок этган. Тантанали равишда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Венгрия, Туркманистон ва ташкилотнинг байроғи кўтарилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаган. Шунингдек, ушбу котибият ташкилот мақсад ва вазифаларини амалга оширишда бундан буён ҳам муҳим ўрин тутишига умид билдирган.
Маълумот ўрнида, Туркий кенгаш котибияти жойлашган бино XIX аср бошида барпо этилган ҳамда Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Истанбулга етиб боргани ва Қирғизистон президенти билан учрашгани маълум қилинган.