NASA Тошкентда кузатилган чанг бўронини «мисли кўрилмаган» деб баҳолади
NASA Тошкентни қоплаган чанг бўронининг Ер обсерваториясидан олинган суратини эълон қилиб, табиий ҳодисани «мисли кўрилмаган» деб баҳолади. Бу ҳақда «Еarth.com» хабар берди.

Маълум қилинишича, чанг бўрони шамол тезлиги соатига 55 милягача бўлган антициклоник бўрон туфайли юзага келгани айтилган. NASA чангнинг бир қисми Қозоғистоннинг Туркистон вилояти шимоли-шарқидаги қуриб қолган қишлоқ хўжалиги ерлари, яйловлар ва ўтлоқлар сабабли келиб чиққан бўлиши мумкинлигини айтган.
Ўзбекистон метеорология агентлиги қаттиқ заррачаларнинг ифлосланиш даражаси (PM10) кубометр учун 18 минг микрограмгача кўтарилганини маълум қилганди. Чанг концентрацияси вақти-вақти билан хавфсиз даражадан 30 баравар юқори даражага етгани таъкидланганди.
«Ўзгидромет» 150 йилдан ортиқ вақт давомида бундай чангланиш кузатилмаганини қайд этган.
«Агар ўлчовлар тўғри бўлса, бу шаҳарлар учун қаттиқ заррачаларнинг ўта хавфли даражасини ифодалайди. Мен кўрган энг юқори чанг концентрацияси Техаснинг Эл-Пасо шаҳрида қайд этилган. Чанг PM10’нинг ҳар бир кубометри учун 5000 микрограмм атрофида бўлган. Шу тариқа, Ўзбекистондаги қайд этилган даража Эл-Пасода кўрганимдан тахминан тўрт баробар ёмонроқ», —деган Техас университети иқлимшуноси Томас Гилл.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда кузатилган бўрондан кейин чўккан чанг таркиби ўрганилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг энг кўп чанг тўпланган шаҳарлари рўйхати эълон қилинган.