Янгиликлар - 10:29 · 12.11.2021

Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензин нархи йил бошидан бери қанчага ўсгани маълум бўлди

Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензин нархи йил бошидан бери 5700,2 сўмдан 9302,8 сўмгача ўсгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2021 йил бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг автомобиль бензини сегментида нархларнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, Аи-80 маркали бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси йил бошидан буён маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5700,2 сўмдан 9302,8 сўмгача, яъни 63,2 фоизга ўсган. Биржа савдосига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келган. Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005 сўмни ташкил қилган.

Қайд этилишича, ўтказилган очиқ биржа савдоси натижасида Аи-80 маркали бензиннинг бошланғич ва биржа нархи ўртасида тафовут ўртача 1 фоиздан ошмаган. Яъни бензин биржа савдоси давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.

Таъкидланишича, шу билан бирга, нархларнинг кўтарилиши жаҳон биржасида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, «Brent» маркали нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи 2021 йилнинг бошига нисбатан ўртача 60–70 фоизга ўсган.

«Ўз навбатида, Ўзбекистон товар-хомашё биржаси савдо ташкилотчиси (оператори) сифатида бензин бозорида шаклланаётган ҳолатни мунтазам равишда ўрганиб бормоқда. Биржа томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаси ва бензин бозорида нархни барқарорлаштириш бўйича таклифлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идораларга киритиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ товар-хомашё биржаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда бензин нархи ошаётганига изоҳ берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда январь–июнь ойларида қанча бензин ишлаб чиқарилгани ва бензин нархи кўтарилгани маълум қилинган.