Қашқадарёда маст эркак хотинини таёқ билан уриб, қўл-оёғини синдириб ўлдирди
Қашқадарё вилояти Косон туманида хотинини таёқ билан уриб, қўл-оёғини синдириб ўлдирган эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси «Bugun.uz»га маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 2019 йил содир бўлган ва жиноят юзасидан эркакнинг оила аъзолари, ИИБ бошлиғи полковник Ш.Ҳ.Сотволдиев, туман ҳокимлиги, прокуратураси, ИИБ ва маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Учрашувда вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғи подполковник Р.Темиров Косон туманида яшовчи Т.Қ. 2019 йил маст ҳолатда таёқ билан хотини Х.Г.ни уриб, қўл ва оёғини синдириб, қасддан ўлдирганини таъкидлаган.
Шунингдек, эркак хотинининг жасадини қудуққа ташлаб, кўмиб юборгани аниқланган. Шу билан бирга, айбланувчи муқаддам ҳам қотиллик жиноятини содир этгани учун жазо муддатини ўтаб чиққан. У қўшхотин билан яшагани, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уйда жанжал кўтаргани қайд этилган.
Таъкидланишича, йиғилиш иштирокчилари келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳалла ва бошқа мутасадди идора вакиллари қаттиқ огоҳлантирилиб, тегишли чора кўрилиши айтилган. Мазкур жиноят юзасидан туман прокуратураси томонидан Қ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзатилган.
Аввалроқ Қашқадарёда эркак сомон талашиб, поччасини ўлдиргани ва Тошкент вилоятида йигит ҳайдовчини пул бермагани учун бошига уриб ўлдиргани маълум қилинган.