Янгиликлар - 15:49 · 12.11.2021

Россия осмонида ноодатий ҳодиса кузатилди — видео

Россиянинг Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Карелияда (Карелия Республикаси — Россия субъекти) ноодатий ҳодиса кузатилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Кадр: You Tube

Астрономларнинг маълум қилишича, аҳоли осмонда катта метеорнинг ёнишини кўрган. Ҳодиса 11 ноябрь куни кечаси содир бўлган. Гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда осмонда тўпга ўхшаш ёрқин нур пайдо бўлгани тасвирланган.

«Албатта, видеоларни синчковлик билан ўрганмасдан туриб, хулосалар фақат тахминий бўлиши мумкин. Аммо тунда содир бўлган ҳодиса метеорнинг атмосферанинг зич қатламларида ёнгани, холос», — дейди Қрим Астрофизика Обсерваториясининг физика-математика фанлари доктори, қуёшнинг кичик сайёралари лабораторияси раҳбари Николай Киселев.

Қрим астрономи Александр Якушечкиннинг сўзларига кўра, чақнашнинг ёрқинлиги тахминан тўлин Ойнинг ёрқинлиги билан тенг бўлган. Бундай ёрқинлик билан атмосферага кирган жисмнинг ўлчами диаметри ярим метрдан бир метргача бўлиши мумкин, аммо кўп нарса Ер атмосферасида ёниб кетган модданинг зичлигига боғлиқ бўлади.

Аввалроқ Францияда чақмоқ чақиши пайтида номаълум учар жисм пайдо бўлгани ва Гавайи оролларида метеоритлар ёмғири кузатилгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE