Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида нутқ сўзлади
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтаётган Туркий кенгаш саммитида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Маълум бўлишича, Президент Туркий кенгаш давлатларининг ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга чақирган. «Умумий тил ва муштарак қадриятлар бирлиги асосида шаклланган Кенгашимиз доирасида бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Оғир пандемия даврида ҳам биз шериклигимизни кенгайтиришга, бир-биримизга ёрдам бериб, алоқаларимизни мунтазам ривожлантиришга интилиб келмоқдамиз. Аминманки, бугун қабул қилинаётган қарорга биноан Туркий Кенгаш номи ‘Туркий давлатлар ташкилоти’ деб ўзгартирилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади», — деган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, Президент кенгашдаги нутқида қуйидаги таклифларни илгари сурган:
- Ташкилот доирасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш;
- учинчи давлатлардан кириб келаётган маҳсулотларни Ташкилотга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш;
- Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш;
- Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиқ дастурини ишлаб чиқиш;
- давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида «Инжиниринг ва технологиялар марказлари»ни ташкил этиш;
- 2021 йили Ўзбекистонда «Туркий давлатлар саноат ҳафталиги»ни ўтказиш.
Давлат раҳбари рақамлаштириш, экология, маданият ва ёшлар масалалари борасида ҳам қуйидаги ташаббусларни илгари сурган:
- «ақлли шаҳар»ларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT-мутахассислар учун доимий платформа яратиш;
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш;
- «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олган «Йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш;
- Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш;
- 2022 йилни Туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиш.
Аввалроқ Президент Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига етиб борганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан учрашган.
