Тошкент шаҳар ҳокими ўрнига меҳнат вазири тайинланиши ҳақидаги хабар рад этилди
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўрнига бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов тайинланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. «Bugun.uz» мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун пойтахт ҳокимлиги ва вазирлик ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати шаҳар ҳокими ўзгариши хақидаги хабарларни рад этган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз экани айтилган.
Шундан сўнг «Bugun.uz» мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди. Вазирлик вакиллари ҳам бундай янгилик йўқлигини ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
Аввалроқ Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов 8 ноябрь куни Президент фармони билан лавозимидан озод қилинганди. Шунингдек, «Bugun.uz» манбаси унинг ўрнига Нормат Турсунов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланишини маълум қилганди.