Янгиликлар - 22:14 · 12.11.2021

Тошкентда 13 ёшли бола «Tracker» автомобилини олиб қочди — видео

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 2 ноябрь куни 13 ёшли бола «Tracker» автомобилини олиб қочди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, бола туман ҳудудида эшиги очиқ қолган машинани миниб кетган. Шундан сўнг машина эгаси автомобили йўқолиб қолганини пайқаб, ички ишлар ходимларига хабар берган. Орган ходимлари Қатортол кўчасида машина тўхтатганда бола автомобилни қарама-қарши йўналишга олиб чиқиб, қочган. Кейин эса ходимлар унинг йўлини тўсиб машинани тўхтатган.

Қайд этилишича, бола машина ҳайдашни ўртоғидан ўрганганини ва мазкур автомобилни 8 соатдан бери ҳайдаб юрганини айтган. Воқеа юзасидан бола ўқийдиган мактабда давра суҳбати ўтказилган. Шунингдек, боланинг вояга етмагани ҳисобга олиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан унинг ота-онаси жавобгарликка тортилган.

Аввалроқ Наманганда 16 ёшли йигит машина олиб қочгани ва Тошкентда 22 ёшли йигит танишининг «Gentra»сини ўғирлаб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани хабар қилинган.

Bugun — LIVE