15:16 | 12.11.21 82

Тошкентда 8-синф қиз билан жинсий алоқа қилган ўқитувчи ва унинг дўстларига жазо тайинланди

Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди Bugun.uz’га маълумот берди

Тошкент шаҳри Миробод туманида жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг дўстлари 8-синф ўқувчиси билан жинсий алоқа қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати бўлиб ўтган суд ва унинг ҳукмини «Bugun.uz»га маълум қилди.

Фото: «namangan.uz»

Қайд этилишича, 11 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчилар А.Х., Б.Г. ва М.М.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А.Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Б.Г. ва М.М. Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Пойтахт суд матбуот хизмати қонунчилик талабларига мувофиқ ушбу ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, судланганлар ва жабрланувчининг қонуний вакили эса ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкинлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда университет «замдекан»и талаба қизга зўрлик ишлатиб, деразадан итариб юборгани хабар қилинганди. Шундан сўнг Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизнинг аҳволи қандайлигини маълум қилган ҳамда Олий таълим вазирлиги ҳам иш юзасидан муносабат билдирган.