Наманганда 65 гектарли «Янги Ўзбекистон» боғи барпо қилиниши бошланди
Наманган шаҳар Давлатобод туманининг 95 гектарли майдонида «Янги Ўзбекистон» боғи қурилиши бошланди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг вилоятдаги мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 ноябрь куни «Долзарб 40 кунлик» акцияси доирасида Давлатобод туманида қурилиши бошланган «Янги Наманган» шаҳарчасига дарахтлар экилган.Жараёнда Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, маҳалла фаоллари, корхона, ташкилот раҳбарлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этиб, Наманганни яшил ҳудудга айланишига ҳисса қўшган.



Маълумот ўрнида, Давлатобод туманининг «Юксалиш» ҳамда Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳаллалари ҳудудидан яшил макон учун 1 минг 371 гектар ер ажратилган. Бу ҳудудда «Янги Наманган» шаҳарчасини барпо этиш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Майдон фақатгина бинолардан иборат бўлган жой эмас, балки экологик мусаффолик мавжуд бўлган ҳудудга айланади. Шу боис «Яшил ҳудуд»да 95 гектарлик «Янги Ўзбекистон боғи» қурилади.
«Бугунги дарахт экиш акциясида йиғилганлар мазкур боғ лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди ва боғга илк дарахтларни ўтқазди», дейилади хабарда.


Таъкидланишича, «Янги Наманган» шаҳарчаси тўлиқ қуриб битказилганда аҳолига шу ернинг ўзида яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча қулайликлар яратилади. Натижада 2026 йилга бориб «Янги Наманган» шаҳарчаси бир миллион аҳоли истиқомат қиладиган йирик ва яшил шаҳарга айланади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» массивлари барпо этилишини маълум қилганди. Шунингдек, Тошкентда бурчакларга эга бўлмаган боғча қурилиши хабар берилган.