Сирдарёда икки талаба жанжаллашиб, бир-бирига оғир тан жароҳати етказди
Гулистон давлат университети талабалари Ф.Т. ва О.К.лар муштлашиб, бир-бирига оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, октябрь ойида университет талабалари Ф.Т. ва О.К. ўзаро келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолган. Бунинг оқибатида улар бир-бирига оғир тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, вилоят ИИБ ходимлари ҳамда университет ўқитувчилари билан ҳамкорликда ижарада яшовчи талабалар билан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида суҳбатлар ўтказилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги 94- ва 145-сонли мактаб ўқувчилари ўртасида муштлашув содир бўлгани хабар қилинган. Шунингдек, Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида пичоқбозлик юзага келгани маълум қилинган.