Тошкент вилоятида мебель дўкони ёниб кетди
Тошкент вилояти Зангиота туманида 13 ноябрь куни мебель дўконида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ёнғин соат 00:59 да юз берган. Ҳодиса оқибатида бинонинг шифти ва мебель жиҳозлари 220 квадрат метр майдонда ёнган. Воқеа жойига ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ҳодиса соат 01:22 да ўраб олинган ва 02:15 да ўчирилган.
Қайд этилишича, дўконнинг 110 квадрат/метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳозирда бунинг сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар бўлмаган.
Аввалроқ Тошкентдаги уйда содир бўлган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Тошкент вилоятида бир-бирига туташ уйлар ёниб кетгани ва Намангандаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлгани хабар қилинган.