Британия генерали Россия билан уруш хавфи юқорилигини маълум қилди
Британиянинг юқори мартабали ҳарбий офицери, мудофаа штаби бошлиғи Ник Картер Россия ва Ғарб ўртасида тасодифий уруш бошланиши хавфи Совуқ уруш давридагидан ҳам юқори эканини айтди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Келтирилишича, генерал Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар Совуқ уруш давридагидан ҳам жиддийроқ мисли кўрилмаган кескинликни бошдан кечираётганини айтган.
«Менимча, биз 10–15 йил олдингига қараганда анча рақобатбардош дунёда яшаяпмиз. Буюк давлатлар ўртасидаги рақобатнинг табиати янада кескинликка олиб келади. Бу эътибор қаратиш керак бўлган масаладир», — деган у. Шунингдек, Картер ҳозирги вазиятни 1978 йилдан бошланган ҳарбий фаолиятининг олдинги даврлари билан таққослаган.
«Сиз ва мен ўсиб улғайганимизда бу икки қутбли дунё эди. Икки блок: Совет Иттифоқи ва Ғарб. Кейин бир қутбли бўлган даврга ўтдик ва Қўшма Штатлар бутунлай устун эди. Менимча, ҳозир кескинлик хавфи юқори кўп қутбли даврдамиз», — дейди ҳарбий офицер.
Таъкидланишича, Картер сиёсатчиларни кераксиз эскалация қўзғатмасликка чақирган.
«Совуқ уруш даврида сиз ва мен гувоҳ бўлган кўплаб анъанавий дипломатик восита ва механизмлар энди йўқ. Уларсиз ҳозирда катта хавф мавжуд. Шундай қилиб, бу дуч келишимиз керак бўлган ҳақиқий синовдир», — деди Британия мудофаа штаби бошлиғи.
«Россиянинг Европа Иттифоқи ва Беларусь чегарасидаги миграция инқирозига алоқадор эканига ишонасизми?» деган саволга, генерал буни билмаслигини, бироқ уни ҳеч нарса ажаблантирмаслигини айтган. «Чунки мен таърифлаган можаро ва урушнинг ўзгарувчан характери одамларга ҳар хил восита, тактика ва усуллардан фойдаланиш имкониятини очиб беради», — дейди у.
Ўз навбатида, Россия сенатори Алексей Пушков Буюк Британия мудофаа штаби раҳбарининг баёнотига қуйидагича изоҳ берган. «Наҳотки, тўрт минг муҳожир Британияга энди таҳдид соляпти? Ёки бунинг сабаби бутунлай бошқачами? Ғарб иттифоқи Россияга ҳарбий жиҳатдан Қора ва Болтиқ денгизларида, Украинада, Болтиқбўйи давлатларида яқинлашиб бормоқда», — деган у.
Сенаторнинг таъкидлашича, вазият анчадан бери ёмонлашган ва бунга қочқинлар сабабчи эмас. «Уруш аллақачон музга айланган», — дея қўшимча қилган Пушков.
Аввалроқ АҚШ Россияга қарши янги ҳарбий машғулот бошлагани ва Британия Россияга қарши курашиш учун янгича усулдан фойдаланиши маълум қилинганди.