Эрон олий раҳбари оммага кўриниш бермаяпти
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўзини яхши ҳис қилмаётгани туфайли бир неча ҳафтадан буён сиёсий учрашувларда қатнашмаяпти. Бу ҳақда «Arutz Sheva» хабар берди.

Маълум қилинишича, Теҳрон расмийлари олий раҳбарнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумот берган. Эрондаги мухолифат вакилларидан олинган маълумотларда 82 ёшли Хоманаий иш фаолиятига тўсқинлик қилувчи соғлиғида муаммоларга дуч келгани айтилган.
Шунингдек, Хоманаий бир қатор муҳим учрашувларда, жумладан, Эрон президенти Иброҳим Раисий билан бўлиб ўтган муҳим учрашувда иштирок этмагани хабар қилинган. Шу билан бирга, Германиядан махсус шифокорлар гуруҳи олий раҳбарни даволаш учун Теҳронга келгани қўшимча қилинган.
Маълумот учун, Хоманаий ўзидан олдинги Руҳуллоҳ Ҳумайний вафот этганидан бери Эрон ҳукуматини 33 йил давомида бошқариб келмоқда.
Аввалроқ Эрон олий раҳбарининг бош ҳарбий маслаҳатчиси вафот этгани ва Хоманаий дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатига киритилгани маълум қилинган.