Миграция агентлиги Россиядаги ёнғинда ўзбекистонликлар ҳалок бўлганини тасдиқлади
Шунингдек, агентлик уларнинг шахсига аниқлик киритди
Россиянинг Москва вилоятида 13 ноябрь куни 4 нафар ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур ёнғин юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида ёнғин юз берган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан алоқа ўрнатган. Ёнғин оқибатида турар жойда яшаб келган меҳнат мигрантлари орасида 2 киши жароҳат олган ва 4 киши вафот этган.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда вафот этганларнинг шахсига аниқлик киритилган. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси, яъни Ш.А. (1969 йил), Э.У. (1998 йил), Ш.К. (1987 йил)., А.Р. (1998 йил) бўлган. Ҳозирда ҳолат назоратга олингани ва ҳалок бўлганлар жасадини Ўзбекистонга қайтариш чораси кўрилаётгани қайд этилган.
Аввалроқ Қирғизистонда 3 ўзбекистонлик эркак ёнғинда жароҳатланганди. Шунингдек, Россияда 11 нафар ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган корхона бошлиғи қамалгани ҳақида хабар берилган.