Ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳа олимлар томонидан маъқулланди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 12 ноябрь куни «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги лойиҳа юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган тилшунос Эльдар Асанов «Bugun.uz»га маълум қилди.

Унга кўра, ишчи йиғилишида ўқитувчилар, олимлар, соҳа бўйича экспертлар, тилшунослик билан бевосита шуғулланадиган блогерлар, вазирлик ва департамент вакиллари иштирок этган. Учрашув илмий баҳсга асослангани, журналистлар учун мўлжалланмагани сабабли у ерга оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилмаган.
Қайд этилишича, мутахассисларга лойиҳа юзасидан икки хил версия муҳокама учун тақдим қилинган. Ўзаро баҳсга эса тутуқ белгиси (ъ) ва «ц» ҳарфи сабаб бўлган. «Ц» ҳарфини янги алифбога олиб кириш таклифи кўпчилик томонидан маъқулланмагани боис бу ўзгариш амалга ошмайдиган бўлган.
Мавзуга доир:
- «Биз чаласавод авлод тарбиялаяпмиз». Ўзбек филологи билан лотин ёзуви ҳақида суҳбат
- «Дунёда бир вақтнинг ўзида 2 та алифбо ишлатадиган давлатни билмайман» — Алишер Қодиров
Томонлар билдирган мулоҳаза ва таклифлар тингланиб, учрашув сўнгида лойиҳа маъқулланган ҳамда тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Қуйи палатага киритилиши маълум қилинган.
Маълумот учун, агар лойиҳа Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, маъқулланса, алифбода қуйидаги ўзгаришлар амалга ошади:
- «sh» — «ş»;
- «ch» — «ç»;
- «o‘» — «ō»;
- «g‘» — «ğ»;
- «ng» — «ñ» шаклига ўтади.
Аммо «h» ва «x» ҳарфларини бирлаштириш, яъни уларнинг фақатгина биттасини қолдириш таклифи кўпчилик овози билан рад этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига оид қонун лойиҳаси эълон қилинган ва қонун муҳокамаси муддати узайтирилган эди. Шунингдек, Давлат тилини ривожлантириш департаменти лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги ўзгаришларга муносабат билдирган.