Қамчиқ довонида қор ёғмоқда — видео
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати айни вақтда Қамчиқ довонида қор ёғаётгани сабабли ҳайдовчиларни огоҳлантирди.

Таъкидланишича, йўллар нам бўлгани боис ҳайдовчилар кескин тормоз бермаслиги керак. Бошқарма, шунингдек, улардан йўлда оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишни сўраган.
«Кескин тормоз сирпаниш ҳолатини юзага келтириши, бунинг оқибатида эса кўнгилсиз ҳодиса содир бўлиши мумкин. Барча ҳайдовчилардан йўлда оралиқ масофани сақлаб, қоидаларга риоя қилишини, довон йўлидан ҳаракатланиб ўтувчилардан эса ўта эҳтиёткор бўлишни сўраймиз», дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳайдовчилардан қуйидагиларга амал қилиш сўралган:
- техник носозлик, айниқса, руль бошқаруви ва тормоз тизимида носозлиги бўлган транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
- иситиш тизими носоз бўлган, автотранспорт ойналари терлаб, сунъий пардани ҳосил қилиб, кўринишни чеклайдиган транспорт воситасидан фойдаланмаслик;
- ҳайдовчилар оралиқ масофани хавфсизлик даражасида ушлаши;
- белгиланган тезлик талабига аниқ риоя қилиш;
- транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда бошқармаслик.
Аввалроқ — 22 октябрь санасида ҳам бошқарма довонда қор ёғаётгани туфайли ҳайдовчиларга мурожаат қилганди.