Қашқадарёдаги банк шохобчасида ёнғин содир бўлди — видео
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 14 ноябрь, якшанба куни Халқ банки филиалига қарашли кичик шохобчада ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, 11:02 атрофида 101 рақами орқали Қарши шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимига Ислом Каримов кўчасида жойлашган Халқ банки филиалига қарашли кичик шохобчада ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг 2-ёнғин-қутқарув қисмидан 2 та бўлинма воқеа жойига етиб борган ва ёнғинни соат тахминан 11:15 атрофида тўлиқ ўчирган. Ёнғин оқибатида банк шохобчасининг 8 метр/квадрат майдонида том қисми ва ташқи қопламаси зарар кўрган, ёнғиндан бинонинг 82 метр/квадрат майдони ҳамда ичидаги жиҳозлари сақлаб қолинган.

Аниқланишича, ёнғин электр кабелларининг қисқа туташуви оқибатида содир бўлган ва ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳат олмаган.
Аввалроқ Қашқадарёда трансформатор ёниб кетганди. Шунингдек, Фарғонадаги хўжалик дўкони ёниб кетгани ҳақида хабар берилган.