Қорақалпоғистонда вазирлик ходими пора олаётганда қўлга тушди
Қорақалпоғистондан Хоразм вилояти ҳудудига юкларини олиб ўтмоқчи бўлган фуқародан пул талаб қилган шахслар ва уларга шерик бўлган вазирлик ходимига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, бир гуруҳ шахслар фуқаро А.У.нинг Қорақалпоғистон ҳудудида олиб бораётган тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиб, маҳсулотини ЙПХ масканлари орқали Хоразм вилояти ҳудудига ўтказишга рухсат бериш эвазига пул талаб қилаётгани юзасидан ариза келиб тушган.
Мурожаатга асосан, 2–3 ноябрь кунлари Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида тадбир ўтказилган. Унда фуқаро К.У. тадбиркордан 50 та юк машинаси учун 3,5 миллион сўмдан жами 175 миллион сўм миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.
Дастлабки суриштирувда К.У. қўлга киритган пул маблағини шериги А.Х.га бериши, у эса ушбу пулни Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ходимларига бериши лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, шериги А.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ариза билан мурожаат этган.
Аризага асосан ўтказилган тадбирнинг навбатдаги қисмида фуқаро А.Х. жами 50 та юк машинасини навбатма-навбат ЙПХ масканидан ўтказиб олишга келишиб, 10 та маҳсулот ортилган юк машинаси учун 35 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.
Ўз навбатида, А.Х. тадбирни давом эттиришини маълум қилган ва ҳолат бўйича ариза билан мурожаат этган. Келишувга асосан, «Шадли аул» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган Қорақалпоғистон ИИВ ходими Р.Э. вақт оз қолгани ва тонг отгунча улгуриш кераклигини айтиб, 3 та маҳсулот юкланган транспорт воситасинигина ўтказа олишини билдиради. Аризага мувофиқ ўтказилган тадбирда ИИВ ходими Р.Э. фуқаро А.Х.дан пулни олган вақтда қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Хоразм вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми, 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманган туманида тадбиркорларни қўрқитиб, улардан пул олиб турган 55 ёшли аёл қўлга олингани маълум қилинган.