Қозоғистон осмонида сирли чақнаш юз берди — видео
Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида 13 ноябрь куни кечқурун осмонда сирли чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодисага гувоҳ бўлганларнинг айримлари метеоритни кўрганини айтган. Чақнаш соат 19:25 атрофида юз берган. Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб Косчи аҳолиси хабар берган ва чақнаш чақмоқдан фарқланишини айтган.
Таъкидланишича, мазкур ҳодиса кузатув камераларига тушиб қолган. Ўз навбатида, мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай маълумот келмаганини айтган. Баъзи шаҳарликлар чақнашга метеорит сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.
«Осмондан оқ шар, унинг ортидан қизил дум учиб ўтди. Эҳтимол, бу метеор. У бир-икки сония осмонни ёритиб, ғойиб бўлди», — деган гувоҳлардан бири. Шу билан бирга, яна бир остоналик кометага ўхшаган нарсани кўрганини қайд этган.
Аввалроқ Россия осмонида ноодатий ҳодиса кузатилгани ва Францияда чақмоқ чақиши пайтида номаълум учар жисм пайдо бўлгани маълум қилинган.