Тошкентдаги масжиддан намоз вақтида 2 та телефон ўғирлаган йигит қидирилмоқда — видео
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масжидларнинг бирида ўғрилик қилинаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 13 ноябрь куни соат 12:30 атрофида номаълум шахс Сергели туманидаги масжидлардан бирида намоз ўқиш учун келган 1961 йилда туғилган Р.Ж.га тегишли, умумий қиймати 3 миллион 500 минг сўм бўлган 2 дона уяли телефон аппаратини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) аломати билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш юзасидан тергов-тезкор тадбирлари давом этмоқда.
«Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари, агар сиз суратда акс этган фуқаро ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, дарҳол яқин орадаги ички ишлар бўлимига ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида ўта оғир жиноят содир этган эркак қидирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, пойтахтнинг Учтепа туманида масжиддан телефон ўғирлаган эркак ушланган.