Андижонда 63 млн сўмлик пиротехника воситаларини олиб кетаётган аёл ушланди — фото
Андижон шаҳридан умумий қиймати 63 миллион сўм бўлган пиротехника воситаларини олиб кетаётган 45 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Миллий гвардия ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Жараён давомида Андижон шаҳар Машраб кўчасида «Damas» русумли автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган.

Қайд этилишича, автомашина Андижон шаҳрида яшовчи 45 ёшли аёл А.Г.га тегишли бўлиб, унда умумий қиймати 63 миллион сўмга баҳоланган 3840 қути (211 минг 200 дона) «Трения», 750 қути (7500 дона) «Петарди» номли пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланган. Шундан сўнг улар ашёвий далил сифатида олиниб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари Андижон вилояти Божхона бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада 40 млн сўмлик пиротехника воситаларини олиб кетаётган шахс ушланганди. Шунингдек, Бухорода юк машинасидан 1,1 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар аниқланганди.