Дунёнинг қайси ҳудудларида одамлар кўпроқ умр кўриши маълум бўлди
Олимлар инсоннинг умр кўриш кўрсаткичи юқори бўлган давлатларни эълон қилди. Бу ҳақда «Interesting Engineering» хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур давлатлар бельгиялик астрофизик Мишель Пулин ва италиялик эпидемиолог Жанни Пес томонидан аниқланган. Улар умр кўриш кўрсаткичи юқори мамлакатларни кўк зона деб атаган ва унга 100 дан ортиқ ёшдагиларни киритган.
Таъкидланишича, биринчи кўк зона 2004 йилда Сардиния оролида қайд этилган. Кейинчалик олимлар қаторига америкалик ёзувчи ва «National Geographic» тадқиқотчиси Дэн Бюттнер қўшилган. У Япониянинг Окинава оролини кўк зонага киритган. Рўйхатга Коста-Рикадаги Никоя ярим ороли, Грециянинг Икария ороли ва АҚШдаги Лома Линда ҳам киритилган.
Одамлар энг узоқ умр кўрадиган жой Италиянинг Сардиния ороли ҳудудидаги Сеуло қишлоғи экани қайд этилган. 1996 йилдан 2016 йилгача 20 йил давомида ушбу қишлоқда 100 ёшдан ошган 20 дан ортиқ киши истиқомат қилган. Тадқиқотчилар кўк зоналар аҳолиси геномида ҳеч қандай ўзига хосликни топа олмаган. Бироқ уларнинг умр кўриш давомийлигига аҳолининг ташқи дунё таъсиридан бир оз ажратилгани, соғломроқ озиқ-овқат истеъмол қилгани, ифлосланмаган ҳаводан нафас олгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Аввалроқ нафақахўрлар яшаши учун қулай бўлган мамлакатлар эълон қилинганди.