Наманганда эркак ўзи билан ишқий муносабатда бўлган аёлнинг «Malibu»сини ёқиб юборди
Наманган шаҳри Давлатобод туманида 13 ноябрь куни эркак ўзи билан ишқий муносабатда бўлиб келган аёлнинг «Malibu-2»сини ёқиб юборди. Бу бўйича вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, вилоят ИИБнинг 102 хизматига соат 04:00 атрофида хабар келиб тушган. Унда 1989 йилда туғилган аёл ўзига тегишли «Malibu-2» русумли автомашинасини яшаш уйи олдига қўйган вақтида машинасидан ёнғин чиқиб, зарарланганини маълум қилган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида аёл билан 2021 йил март ойларидан буён ишқий муносабатда бўлиб келган Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро бу ёнғинни келтириб чиқаргани маълум бўлган.
У аёл билан ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик сабабли маст ҳолатда 10 литр ҳажмдаги елим идишда бензин олиб келиб, аёлга тегишли машинанинг ҳайдовчи томон ойнасини тош билан синдириб, бензинни автомашина салони ичига сепиб, ёнида бўлган гугурт билан ўт ёқиб юборгани аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда маст эркак қўшнисининг уйини ёқиб юборганди. Шунингдек, Фарғонада бир гуруҳ йигитлар овқатланиш шохобчасини ёқиб юборгани хабар қилинган.