20:39 | 15.11.21 88

Намангандаги омбордан 80 млн сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотлари топилди — фото

Шунингдек, яроқлилик муддати ўтган яна 10 мингга яқин спиртли суюқликлар аниқланган

Наманган шаҳридаги омбордан 80 миллион сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотлари топилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, солиқ хизмати ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Наманган шаҳрида жойлашган омборда жами 5856 дона, умумий қиймати 80,9 миллион сўмлик қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари мавжудлиги маълум бўлган.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Тадбир давомида сотишга мўлжалланган, яроқлилик муддати ўтган яна 9287 дона, таркибида спирт моддаси бўлган суюқликлар аниқланган. Шунингдек, Наманган туманидаги омборлардан бирида сақланаётган, яроқлилик муддати ўтган 275 дона алкоголь маҳсулотининг ҳам савдосига чек қўйилган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маҳсулотлар масала қонуний ҳал бўлгунга қадар ашёвий далил сифатида вақтинчалик олинган.

Аввалроқ Тошкентда қалбаки ароқ сақланаётган омбор аниқланганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 2,4 миллион сўмга қўлбола спиртли ичимлик сотган корхона раҳбари ушланган.