Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилинади
Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Хабарга кўра, Молия вазирлиги томонидан автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек, нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинган.
«Куни кеча (ваниҳоят) ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳаси ва бюджетнома киритилди. Ушбу ҳужжатларга кўра, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади», — дейди депутат.
Шунингдек, Молия вазирлигидаги манбаларга кўра, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга асосан автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъи назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади (солиштириш учун, амалдаги тўлов миқдори БҲМнинг 2 баробари (540 минг)дан 10 баробаригача (2 миллион 700 минг).
Демак, ‘2022 йил учун давлат бюджети тўғрисида’ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда ‘Давлат божи тўғрисида’ги қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди.
Мисол учун, амалдаги тартибга асосан, от кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган ‘Nexia’ автомобилининг олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ҳозир ўртача 5 миллион 535 минг сўм харажат талаб қилинаётган бўлса, қонунчиликка юқоридаги ўзгартиришлар киритилгандан сўнг (2022 йил 1 январдан) бу харажатлар тахминан 4 миллион сўмга камайиб, 1 миллион 600 минг атрофида бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда бир йилда 300 мингдан ортиқ (ишончномалар билан ҳисоблаганда аслида 700 мингдан ошади) автомобиль олди-сотди шартномалари амалга оширилишини инобатга олсак, кўзда тутилаётган бу ижобий ўзгаришлар натижасида фуқаролар ихтиёрида қўшимча 1,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ қолдирилади», — деб ёзади Ғаниев.
Аввалроқ депутат Дониёр Ғаниев сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар юқорилиги ҳақидаги депутатлик сўровига жавоб олганини маълум қилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда тонировка нархини камайтириш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани айтилган.