Ўзбекистонда болалар орасида ўткир респиратор касалликлар кўпаймоқда
Ўзбекистонда болалар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ушбу хасталикнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Оқибатда пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли ортган. Шу сабаб соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь, тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилди.

Шундан сўнг 14 ноябрь тонгги соат 04:30 да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалишини зудлик билан бартараф этиш мақсадида вазир бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилди. Ўша куннинг ўзида ўрганиш хулосалари таҳлил қилиниб, шаҳардаги шифо масканларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жой ташкил этилди ҳамда она ва болаларга даволаниш учун етарли шароит яратилди.