Самарқанд аэропортининг ёпилиши декабрь ойи ўрталаригача узайтирилди
Самарқанд халқаро аэропортида янги аэродром мажмуаси ва янги аэронавигация ускуналарини фойдаланишга топширишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Шу муносабат билан аэропортнинг ёпилиши 15 декабрга қадар узайтирилди, деб хабар бермоқда «Uzbekistan Airports».

Маълум қилинишича, аэропорт парвозларни янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш ишлари муносабати билан вақтинча тўхтатган. Барча рейслар республиканинг бошқа халқаро аэропортлари — Навоий, Бухоро, Қаршига йўналтирилган, бу ердан йўловчилар учун Самарқандга ерусти трансфери ташкил этилган.
Қайд этилишича, айни пайтда узунлиги 3105 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши тўлиқ якунланган. Эслатиб ўтамиз, Самарқандда янги аэродром мажмуаси қурилиши 2022 йилда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида давом этмоқда.
Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропорти 20 октябрдан 20 ноябргача ёпилгани хабар қилинганди. Шунингдек, йўловчиларга қулайлик яратиб, кўпроқ транспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида Қарши–Самарқанд–Қарши йўналишида 772/771-сонли «Афросиёб» поезди қатнови йўлга қўйилган.