Сенатнинг 21-ялпи мажлиси қачон ўтказилиши маълум бўлди
Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисини 2021 йил 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, сенаторлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги қонунни қўриб чиқади.
Шунингдек, мажлисда «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «‘Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, сенаторлар «Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларни ҳам кўриб чиқади.
Қайд этилишича, мажлисда «Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун ҳам муҳокама қилинади. Ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти ҳам тингланади.
Таъкидланишича, сенаторлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқади. Шу билан бирга улар ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати ҳамда енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалаларини ҳам муҳокама қилади. Йиғилишда фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботини ҳам эшитиш режалаштирилган. Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Аввалроқ Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси бўлиб ўтганди. Шунингдек, сенаторларнинг тадбиркорликка оид қонунни рад этиши мунозараларга сабаб бўлганди.