Бугун оқшоми. Депутат аёл масаласи, ишламай қолган жарималар платформаси, Россиянинг сунъий йўлдошларга қарши қуроли
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Дайжестимизни совуқ хабар билан бошлашга қарор қилдик. Ростан совуқ хабар — 0 градус атрофида.
17 ноябрь, чоршанба куни республика бўйлаб ҳаво ҳарорати пасаяди, жойларда кечаси 0 градусгача тушиши мумкин. Айрим тоғли ҳудудларда қор ҳам ёғиши мумкин.

Эҳтиётингизни қилинг, иссиқ кийининг. Экран қаршисига яқинроқ жойлашиб олинг (лекин буни унчалик ҳам маслаҳат бермаймиз — кўзга зарар), биз дайжестимизни бошлаймиз.
Прокуратура тизимида яна порахўрлик. Бу сафар Жиззах вилоятида «зампрокурор» 8000 доллар билан қўлга тушди.

Жиззах вилояти Янгиобод тумани прокурори ўринбосари 15 ноябрь куни пора олган вақтида қўлга олинди. Янгиободда ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбир ўтказган. Унда туман прокурори ўринбосари (тахминан соат 16:30 да, лекин бунга эътибор берманг, яхшиси, суммасига қаранг) 8000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тўғри, 8000 доллар Андижон вилояти прокуратурасида масъул лавозимда ишловчи ходим олган 30 минг доллар поранинг олдида кичикдек кўриниши мумкин. Лекин пора олиш (ва бериш) — ёмон, жуда ёмон.
Ҳозирда иккала порахўрга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашиши қонун билан тақиқланди.

Президентнинг ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Унга кўра, давлат бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қуйидагилар тақиқланади:
- имтиёзли кредитдан фойдаланиш йўналишларига аралашиш;
- буғдойни сотиш, шартнома тузиш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувга аралашиш;
- ғаллачилик кластерларига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида ёзма ёки оғзаки тартибда кўрсатма бериш.
Бундан ташқари, қонунда «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги корхоналар тадбиркорларга сотилиб, компания тугатилиши белгиланган.
ЙҲХББнинг жарима маълумотлари базасига хакерлар ҳужум қилдими? Йўқ, ҳаммаси жойида (жаримаси бор ҳайдовчилар, хурсанд бўлишга ҳали эрта). Лекин кўпчиликка жарималари тўлангани ҳақида SMS’лар келгани айтилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси жарима маълумотлари базаси киберҳужумга учрагани ҳақида ижтимоий тармоқларда аудиоёзув тарқалганди. Бошқарма ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ҳаммаси жойида экани, техник ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Бошқарма берган маълумотларга кўра, маъмурий амалиёт бўлими ва марказий компьютерлаштирилган бошқарув ҳамда алоқа хизматининг базалари интеграция қилинаётгани сабабли айрим носозликлар юзага келяпти, база ҳужумга учрамаган. Шунингдек, жарималар бўйича барча маълумот мавжуд.

Блогер Нурбек Алимовнинг ёзишича, унинг кузатувчисида 4 та жарима бўлган, лекин (базадаги ушбу носозликдан сўнг) унга тўлов қилмаса-да, барча «штраф»лар тўлангани, ҳозирда ҳеч қандай жаримаси йўқлиги ҳақида SMS хабар келган.
Бошқармага ишонадиган бўлсак, тез орада барча «тўланган» жарималар ўз жойига қайтади ва уни росмана тўлаш керак бўлади. Хуллас, ўша гап — хурсанд бўлишга шошилманг. Қоидани бузманг, шунда ҳаммаси яхши бўлади.
Ишқий муносабатда бўлган пайтдаги видеоси тарқалган депутат аёл масаласи: видео тарқалиши бўйича суриштирув олиб бориляпти, ХДП ва Комил Алламжонов депутатни ҳимоя қилиб чиқди, колумнистимиз карикатура чизди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби интернетда тарқалган, Бўстонлиқ туманидаги хонадонлардан бирида фуқаролар жинсий алоқа қилаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Бўстонлиқ тумани Хумсон маҳалласидаги фуқаронинг аризасига мувофиқ дала ҳовлиларнинг бирида текширув ўтказилган. Унда шахсларнинг жинсий алоқа қилиши учун шарт-шароит яратилгани, туни билан айрим ахлоқи бузуқ шахслар аҳоли тинчлигини бузаётгани айтилган.
Текширув давомида ҳам хонадонда икки аёл, икки эркак борлиги, Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган. Ҳозирда мазкур жараён акс этган видеотасвирнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалар орқали тарқалгани ҳолати юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги резонансдан сўнг Халқ демократик партияси ўз депутатини ҳимоя қилиб чиқди. Унда айтилишича, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қонуний ва қатъий чора кўрилиши зарур, лекин инсоннинг шаъни, қадр-қиммати дахлсиз. Партия буни қонунма-қонун, моддама-модда келтириб ўтган. Шуниндек, ХДП ушбу ҳолат бўйича тегишли органлар ҳуқуқий муносабат билдирмагунича турли фикрлар билдиришдан тийилиб туришни сўраган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бу ҳолатга муносабат билдириб ўтган. Унинг фикрича, у ҳолатни видеога олганлар «эркак»нинг ишини қилмаган.
«Депутат аёлнинг тўшагига бостириб кириб бориб, уни видеога олиб чиқариб юборган ‘эркак’лар эркакнинг ишини қилмади. Ҳар қандай кураш соғлом бўлиши керак. Ифлослик бошландими, бу кураш эмас, жиноят. Ва унга жазо бўлиши керак. Яхши ишлар бўлмаяпти», — деб ёзган у.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдиновнинг бу ҳолат бўйича қараши эса қуйидаги карикатурада акс этган.

Ўзбекистонда бензин нархи нега қиммат? Ушбу саволга жавобни қуйида тайёрлаган видеомиздан топишингиз мумкин.
Хўш, оламда нима гап?
Россия космосда сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказди. Бу сабабли ХКС космонавтларига хавф юзага келган.
Россия айнан қандай қуролни синагани айтилмаган. Синовлар оқибатида халқаро космик станцияга таҳдид солаётган юз минглаб космик қолдиқ юзага келган.

«Россиянинг синовлари оқибатида ҳосил бўлган сунъий йўлдош қолдиқлари туфайли халқаро космик станция астронавтлари ва космонавтлари хавфсизликни таъминлаш учун шошилинч чоралар кўрди», дейилади NASA сайтида.
Ўз навбатида, Пентагон ҳам Россиянинг ҳаракатларидан хавотир билдирган. АҚШ космик қўмондонлиги раҳбари, армия генерали Жеймс Дикинсон Россия томонидан ишлаб чиқилаётган сунъий йўлдошга қарши қуроллар АҚШ учун хавф туғдириши мумкинлигини айтган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.