Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзини дунё етакчилари ичидаги энг тажрибали эканини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг Twitter’даги саҳифасида хабар берилди.

Фото: «Anadolu Agency»

Таъкидланишича, сиёсатчи юқоридаги гапни Туркия шимоли-ғарбидаги Чаноққалъа вилоятида ёшлар билан учрашув чоғида гапирган ва дунёни яхшироқ билишини таъкидлаган. 

«Мен буни мақтаниш учун эмас, балки бошқа етакчилар орасида ўз ўрнимни белгилаш учун айтяпман», — дея хулоса қилди у. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, турк халқи кимнинг кимлигини билиши муҳим ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, Туркия Хавфсизлик бош бошқармаси интернетда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ҳақорат қилувчи постлар тарқатган 30 кишига нисбатан жиноий иш очганди

Агентлик маълумотларига кўра, постларда давлат раҳбарига ўлим тилаган сўзлар ёзилган. Хусусан, фуқаролар давлат раҳбарининг исми ёнига «вафот этди» деган сўзни қўшиб, хештег тарқатган.

Туркия ҳукумати Twitter’да шу каби постларни тарқатган 30 кишини аниқлаб, уларни дезинформация, манипуляция ва президентни ҳақорат қилишда айблаган. Агар айбдорлиги исботланса, уларга нисбатан қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Қайд этилишича, бу каби постлар интернетда 67 ёшли Эрдўғоннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар фонида тарқалган.

Аввалроқ Эрдўғоннинг саломатлиги ёмонлашгани айтилганди. Шунингдек, у янги таҳдид ҳақида маълум қилганди.